Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлашнинг ҳуқуқий асослари: амалиёт ва халқаро тажриба” мавзуидаги давра суҳбати айнан шу жабҳага қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Тадбирда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, шу жумладан, оналик, оталик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири экани таъкидланди. Айни чоғда репродуктив саломатликни сақлашнинг ҳуқуқий асослари ва уни такомиллаштириш зарурати, ушбу соҳадаги ютуқ ҳамда муаммолар, республикада ёрдамчи репродуктив технологияларнинг қўлланиш амалиёти ва бу борадаги халқаро тажриба юзасидан қизғин фикр алмашилди.
Иштирокчилар фуқаролар соғлиғини сақлаш сиёсатини амалга оширишда замон талабларига жавоб берадиган юқори малакали тиббий кадрлар, шу жумладан, илмий даражага эга мутахассисларни тайёрлаш масаласи ниҳоятда долзарблигини қайд этишди. Айниқса, репродуктология, эмбриология, андрология йўналишларида ҳаттоки, оддий мутахассисга ҳам катта эҳтиёж сезилаётгани айтиб ўтилди.
Депутатлар мазкур муаммоларнинг ечими сифатида соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, давлат тиббиёт муасассалари билан бирга, хусусий секторни ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.
Якунда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.