– Нопок йўл, бетартиб жинсий алоқанинг оқибати ана шундай нохуш бўлади. Жинсий йўл билан юқадиган касалликлар сони йигирмага яқин. Муқаррар ўлимга олиб борувчи ОИВ (ВИЧ) ҳам зино орқали ўтиши мумкин.
Сиз сўраган хламидиоз энг кўп учрайдиган таносил касалликлари сирасига киради. Маълумотларга кўра, дунё бўйича ҳар йили 90 миллионга яқин одам хламидиозга чалинар экан. Касалликнинг тахминан 40 фоиз ҳолларида беморга хламидиоз билан бир қаторда сўзак ва трихомониаз ташхислари ҳам қўйилади.
Касалликка хламидиялар, деб аталувчи паразитлар сабаб бўлади. Улар сийдик йўлига ўтиб, кўпайишга киришади ва ҳужайраларнинг меъёрида ишлашига тўсқинлик қилади. Одатда касаллик кўз шиллиқ пардаси яллиғланиши (конъюктивит), зотилжам, ошқозон, ичакларнинг яллиғланиши тарзида ифодаланади. Кўз шиллиқ пардасининг узоқ муддат яллиғланиши, бу аъзода чандиқ ўчоқлари пайдо бўлишига ва ҳаттоки кўриш қобилиятининг йўқолишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Ҳомиладор аёлларнинг 5-14 фоизида бачадон бўйнининг хламидиялар билан зарарланганлиги туғруқ вақтида чақалоқларга катта хавф туғдириши аниқланган. Эркакларда хламидиялар сийдик чиқарув канали, мояклар ва унинг ортиқлари, простата бези каби аъзоларни шикастлаши, простатит, везикулит, бепушликка олиб келиши кўп кузатилади. Аёлларда эса қин, бачадон, унинг бўйни, найлари каби аъзолар шикастланади. Хламидиялар фаллопий найларининг ўтказувчанлигини кескин бузиши сабабли гоҳо аёллар бепушт бўлиб қолишади. Хламидиозга чалинган ҳомиладор аёлда ҳомила бачадондаёқ касаллик юқтириши, бола ногирон ёки ўлик туғилиши мумкин.